Бу Ҳайдаровнинг Эрон билан ўйингача айтган фикрлари эди. “Жонли ижрога тайёрмисиз, жаноб Бабаян” мақоласида мураббий тактикаси иш берган 4 та ўйин эслаб ўтилди.
Теҳронда Самвел Вячеславовични ҳам шу қатори синов кутиб турганди. Кўриндики, Бабаян бундай катта ўйинларга тайёр эмас.

Александр Лобанов

Миллий терма жамоанинг асосий посбони Игнатий Нестеров бўлиши кераклиги кўп гапирилди. Бабаян эса Александр Лобанов вариантида қатъий туриб олди.

Foto: “Sports.uz”

Дарвозабон 2016 йил Эроннинг «Персеполис» клубида тўп суриб, ярим йилдаёқ ортга қайтариб юборилганди. Агар форслар уни савияли деб ҳисобласа, катта эҳтимол билан олиб қоларди. Бабаян эса дарвозасига берилган 4 та зарбанинг ҳаммаси гол бўлгани форс диёрида ҳангома қилинган дарвозабонни Эрон миллий терма жамоасига қарши асосий таркибда туширди. Беш йил олдин айнан «Озоди» стадионида қаҳрамон бўлган Нестеровни эмас, шу стадиондан қувилган Лобановни асосий деб билди. Оқибати қуйидаги расмда акс этган.

Foto: Google Images

Чап қанот

Эроннинг ўнг қаноти анча фаол бўлиши Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркиби чиққанидаёқ маълум эди. Чунки Бабаяннинг чап қанотидан Игор Сергеев ва Станислав Андреев жой олди. Биринчидан, Андреевга нафақат мухлисларнинг, балки мутахассисларнинг ҳам саволлари кўп. Иккинчидан, Игор Сергеев қанот футболчиси эмас, чапда у қандай каромат кўрсатиши керак эди?

Фото: ЎФФ

Сиз бу футболчи бутун ўйин давомида умуман йўқолиб қолганига ажабланасизми? Мен эса йўқ. Ҳозир формаси анча яхши бўлган Сардор Рашидов ва Жалолиддин Машарипов захирада қолиб, «Пахтакор»да аравасини аранг тортаётган Игор Сергеев чапда ўйнаганидан кейин бошқача бўлиши мумкин эмасди.

Андреевнинг жароҳати алоҳида бир мавзу. Бунда на бир тўқнашув бўлди ва на бир ноқулай қулаш. Ҳатто ўша йиқилиш ҳам футболчининг савиясини кўрсатиб беради. Ўйинолди тикланиш машғулотларига жиддий эътибор берадиган футболчи бундай кулгули тарзда жароҳат олмайди. Тўғри, футболда жароҳатлардан ҳеч ким кафолатланмаган. Аммо гап Бабаян ёқтирадиган Андреев ҳақида бораётган экан, мавзу алоҳида дейиш мумкин.

Мана энди Андреевнинг ўрнига ким тушганига қаранг — Даврон Ҳошимов. Яна ўша савол: нега? Сурияга қарши мағлубият билан якунига етган учрашувда ҳужум Ҳошимовнинг қанотидан ўтиб кетганини эслайсизми? Ўзбекистон кубогидан жой олган «Насаф»га қарши ўйинда ҳимоячи ҳеч нарса қила олмай, аламидан рақибига жароҳат етказмоқчи бўлган вазиятничи?

Бабаян на Акмал Шораҳмедовни ва на Фаррух Сайфиевни йиғинларга чақириб турди. Керакли пайтда эса барибир Акмалга суянди. Унинг «Насаф»даги шериги Фаррух Сайфиев Эронга нега олиб кетилди, агар чап қанот ҳимоячининг жароҳати ўрнини барибир ўнг қанотдаги Даврон Ҳошимов тўлдирса?

Бабаян нега Ҳошимовни эмас, Акмални чапга ўтказди? Хато қилиши учунми ёки тажрибасидан келиб чиқиб? Акмал тажрибалироқ бўлса, нега у термага чақирилмасди. Анталия ва Дубай йиғинларида Бабаян билан машғулот олиб борган, терманинг асосий ўйинларида эса умуман кўринмайдиган футболчилар қани? Терма захирасини айнан улар тўлдирилмайдими? Ахир йиғинлар учун катта пул сарф этилади. Хўш, Бабаян кимни тайёрлади бу вақтда?

Foto: Zimbio

Бабаянда принцип шундай, Криметсга жой топиш учун Тўхтахўжаевни ўзи суймайдиган қанотга ўтказади, Ҳошимовга жой бериш учун Шораҳмедовни қарама-қарши қанотга олади. Даврон эса эронлик йигитларни тўнкариш билан вақт ўтказди. Ўйин якунида мағлубиятга чидай олмаслик функциясини ёқиб, форс футболчиларни тепкилашга ўтди.

Бундан нима келиб чиқади, Бабаян таркиб танлашда хато қилган. На Андреев ишончни оқлади ва на тап-тайёр чап қанот ҳимоячиси ўйинга қўйилди.

Легионерлар

Бунда Эрон чемпионати ҳақида яхши тасаввурга эга бўлган йигитларга эътибор берамиз. Игор Сергеев нега асосий таркибда майдонга тушди деган саволни яна бериб кўринг. Нега тушмаслиги керак деб қарама-қарши савол берилса, ортда қолган ўйинлари статистикасини кўрсатинг. Агар унинг ўрнида Рашидов ёки Машариповдан бири ҳаракат қилганида, фаолиятини Эрон чемпионатида ўтказаётган Сервер Жепаровга ҳеч бўлмаганда 20 дақиқа имконият беришнинг имкони бўларди. Форс чемпионатида ҳаракат қилаётганининг ўзиёқ унга нисбатан умидни пайдо қиларди.

Энди эса Фозил Мусаевни эсланг. Қосимов Теҳрондан тарихий ғалаба билан қайтган ўйинда Мусаев асосий таркибдан жой олган. 2016 йил Эрон чемпионатида ўйнагани, ҳозир эса Япония Жей лигасида мунтазам ўйин амалиётига эга бўлаётгани инобатга олиниб, Мусаевни майдонга тушириш мумкин эмасмиди? Ҳайдаровнинг ўзи интервьюсида ўрнини ёшларга бўшатишга тайёр экани ҳақида айтиб турибди. Шундан кейин ҳам тажрибасини инобатга олиб, Ҳайдаровни туширавериш таваккалчиликдан қўрқишдан бошқа нарса эмас. Ваҳоланки, Мусаев ҳам катта ўйинларда синалган футболчи эди. Бунда Ҳайдаровга эътироз йўқ. Тўғрисўзлиги ва меҳнатлари учун раҳмат. Ўзи айтиб ўтганидек, ҳамма нарса футболчиларнинг ўзигагина боғлиқ эмас, мураббий ҳам бунга нимадир қўшиши шарт.

 

Ва ниҳоят Азиз Ибрагимовни эслаб ўтаман. Бабаян шундай футболчи бор ёки йўқлигини биладими менга қоронғу. Ибрагимов ўтган мавсум «Бухоро» сафида энг кўп гол урган, кейин эса Эроннинг «Тракторсози» клубига йўл олган. Ўйин амалиёти етарли. Гарчи жамоаси аутсайдер бўлса ҳам, Эрон чемпионати ҳавосидан хабардор. Мана шундай паллада Ибрагимов терманинг ўнг қанотини Ҳошимовдан яхшироқ қўриқларди деб ишонаман. Шунчаки мураббий дегани «Пахтакор» футболчиларидан ортиб, ташқарини ҳам кўра олиши керак. Мурод Холмуҳамедов Теҳронга нега боргани-ю, матбуот анжуманида нима қилиб адашиб юргани мен учун жумбоқлигича қолиб кетса керак.

Фото: Google Images

Одил Аҳмедов

Аҳмедов терма сафида энг кўп тер тўкадиган футболчи. У Бабаян жамоасини бир неча бор қийин вазиятлардан олиб чиқиб кетди. Қатарга қарши ўйинда Аҳмедов фақатгина дарвозада турмади холос, қолган барча ишни қилди. Замонавий футбол эса ҳамма иш фақатгина битта футболчининг гарданида бўлишини оқламайди. Айниқса рақиб Эрон каби қитъа гиганти бўлса.

Фото: Zimbio

Аҳмедов Қатар ёки Хитойга қарши Тошкентдаги ўйинларда барча масъулиятни ўз зиммасига олиши мумкиндир. Бироқ мундиал ёқасида турган Эронга қарши сафар ўйинида ҳам худди шундай ўйнай олмайди. 2014 йилги Жаҳон чемпионатида Аргентинанинг юлдуз футболчиларинида қийнаб қўйган форслар Одилнинг имкониятларини яхши биларди. Уни қуролсизлантириш, бутун бошли Ўзбекистон ўйинини ишдан чиқариш билан баробар эканини Кейруш ҳам, футболчилар ҳам тушуниб турганди. Бабаян таркибида эса Аҳмедов кўп тармоқли бўлишда катта қийинчиликка дуч келди.

Бу Самвел Бабаяннинг тактика борасидаги қарашларига чизгилар эди. Унинг савияси қандай деган саволга эса Эронга қарши икки ўйин жавоб беради. 180 дақиқа давомида ўзбекистонлик футболчилар рақиб дарвозасига 1 та ҳам аниқ зарба бера олишмади.

Фото: «Дарё»

Эронга қарши Вадим Абрамов ҳам, Миржалол Қосимов ҳам ўйнаб кўрган. Ўша ўйинлар билан Бабаяннинг икки учрашувини солиштириб кўринг ва ўзингиз хулоса чиқаринг. Бизда прогрессми ёки регресс?

Сурия ва Хитой термалари Эрон билан дуранг ўйнай олди. Ўзбекистон эса йўқ. Қатар ва Хитой кореяликларга 2 тадан гол урди, Сурия дуранг ўйнади, Ўзбекистон эса йўқ. Сизнингча, Самвел Бабаян тузган жамоа Жаҳон чемпионатига муносибми?

Икки савол

Ўйиндаги воқеалар ўз йўлига. Мени иккита савол қийнади:

  • Миллий терманинг мундиалга чиқиши муҳим жиҳат экан, нега терманинг ҳал қилувчи ўйинга бирорта раҳбар келмади? Сардор Раҳматуллаев ёки Асқар Толибжонов Теҳронга бориши мумкинмиди? Бу ҳолат бош жамоага бўлган эътибордан даракми?
  • Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бугун Хитой билан ўртоқлик ўйини ўтказади. Мадомики шундай экан, жамоа бош мураббийи Равшан Ҳайдаров Теҳронда нима қилиб юрибди? Футболчилар Хитойга ким билан кетди? Ҳайдаровнинг иши шунчалик кўп экан, Ўзбекистонда ундан бошқа мураббий қуриб қолганмиди?

Самвел Бабаян Ўзбекистон термасининг энг кучли авлоди шу экани ҳақида айтишдан чарчамаганди. Мақолани Ҳайдаров билан бошлаб, Жепаров билан якунлаб қўямиз. Сервер Бабаяндек ўйламайди.

Сўнгги 8 йил давомида, айниқса, бундан аввалги саралаш босқичида кучли таркиб билан ҳаракат қилдик. Бу мен ўйнаган энг кучли авлод эди. Биз яхши ўйнагандик. ЖЧ—2014 га чиқиш учун эса битта гол камлик қилганди.

Сервер Жепаров, Ўзбекистон термаси аъзоси

Диёр Имомхўжаев, Daryo муҳбири

2 изоҳлар

  1. Bunaqa murabbiy va futbolchilariyu, korruptsiya bosib ketgan «PFL» ni tarqatib yuborish kerak, (bu fikrimga butun O’zbekiston xalqi qo’shilsa kerak!) Boshidan yoshlarimizga tavakkalchilik qilib bir – ikkita o’rtoqlik uchrashuvlarida o’yinlar ishonib topshirilganida edi, mana bu «amakilar»ning haqqiga hech kim «duolar» aytib yurmagan bo’lardi…
    Eh bo’ldi, nima qilamiz shularning o’yinini ko’rib deymiz-ku, lekin baribir bizning mamlakat sharafini himoya qilmoqda, «FUTBOLISTLARIMIZ» (bu yerda ozgina istehzoli kulgi bor…) deymizda, baribir o’sha Umid Gafurov tilga olgan «o’zbek xalqi optimizmi» bilan televizorga yuzlanamiz. Endi bundan buyog’iga bularga gapirish befoyda, bularda ham ayb yo’q, ayb yuqoridagi pulni (arzimagan pulni deb yosh iste’dodlarning umrini, iqtidorini hazon qilayotgan «boyvachchalarimiz») sanab o’tirgan «oligarx»larimizda menimcha! Hech kim (muxlislardan boshqa, xalqdan boshqa) bunday holatlar bilan qiziqmayapti. Kimnidir hafa qilgan bo’lsam uzr, HAQIQAT har doim kimnidir (kimlarnidir!!) achchig’ini chiqaradi, kimlarningdir ko’zini ochishiga sababchi bo’ladi! E’tiboringiz uchun rahmat, Diyorbek aka ishlarizga omad, mana shunaqa maqolalar, intervyular, ko’rsatuvlar ko’proq tayyorlashingizga tilakdoshmiz!

  2. Diyorbek aka, meni esa, boshqa futbol muhlislari kabi bir savol qiynaydi. (Balki, sizga bu allaqachon ayondir?) Asosiy tarkibga kirish uchun murabbiyga biz hammamiz «futbolchi» deb ataydigan insonlar qancha pul berisharkana? Shunchaki, bu pulni berolmay, tarkibga kirolmayotgan yosh iqtidor sohiblariga qo’limizdan kelgancha qarashib yuborardik, balkim «Yosh Futbolistlarga Imkoniyat » degan fond ham ocharmiz, bu pullar to’g’ri murabbiy va uning orqasida turganlarning cho’ntagiga tushar va bir kuniga yarab qolar. Biz esa, ular pullarini sanab yotgan mahal, xalqimiz bilan faqat yosh iqtidorlarimiz, kelajagimiz hisoblangan orzuyimizdagi (!!!) O’zbekiston Terma Jamoasining Jahon chempionatidagi munosib ishtirokidan lazzat olamiz! Uyat emasmi shunday gaplarni eshitish ularga, qachon o’zgaradi bu holat, yana qancha yozish kerak?????

МУНОСАБАТ БИЛДИРИШ:

Изоҳингизни қолдиринг!
Исмингизни киритинг