Мусулмон шарқидаги биринчи дунёвий давлат бугун 99 ёшда

1
220

Эртага, 28 май куни Озарбайжон ўз тарихидаги ёрқин ва шонли кунларидан бири – Озарбайжон Демократик Республикаси ташкил этилган санани нишонлайди. Бундан 99 йил муқаддам мусулмон Шарқида биринчи дунёвий давлат дунёга келган эди. Бу сана бир томондан мамлакатнинг бирлашувига хизмат қилган бўлса, Озарбайжон давлатчилигининг тикланиши куни сифатида тилга олинади. Зеро, Озарбайжон узоқ йиллар Эрон, сўнгра Россия империяси бошқаруви остида бўлган.

Озарбайжон зиёлилари ХХ асрнинг 20-йилларида Россия империясида авж олган демократик ўзгаришлар ва фуқаролик ҳуқуқлари учун курашда фаол иштирок этди. 1917 йилдаги феврал буржуазия инқилобидан кейин Жанубий Кавказ халқлари аъзо бўлиб кирган Кавказ Федератив республикасини тузиш интилишлари бошланди. Бироқ мураккаб ижтимоий-сиёсий вазият ва Биринчи жаҳон уруши федерация ғоясини амалга ошириш имконини бермади. 1918 йилнинг 26 майида Тифлис (Тбилиси)да ўтган Кавказ Сейми (Парламенти) нинг мажлисида грузинлар ташаббуси билан ўз-ўзини тарқатиш қарори қабул қилинди, шу куннинг ўзида Грузия ўз мустақиллигини эълон қилди.

Орадан икки кун ўтиб, 1918 йилнинг 28 майида Мамед Эмин Расулзода бошчилик қилган Тбилисидаги Озарбайжон Миллий Кенаши томонидан Озарбайжон Демократик Республикасини ташкил этиш тўғрисидаги қарор эълон қилинди. Мамед Эмин Разулзоданинг “Бир марта кўтарилган байроқ ҳеч қачон пастга тушмайди” қабилидаги ибораси тарихга муҳрланди.

Пойтахт Боку коммунасининг назорати остида эканлигини ҳисобга олиб ОДРнинг муваққат пойтахти сифатида Ганжа шаҳри танланди. 1918 йилнинг 16 июнида Озарбайжон ҳукумати Тифлисдан Ганжага кўчиб ўтди.

ОДРнинг биринчи Вазирлар Маҳкамасига Москва университети юридик факультетининг битирувчиси, Давлат Думасининг собиқ депутати Фатали-хон Хойский бош бўлди. Янги республика ҳукумати таркибидан чор армиясининг артиллерия бўлинмаси генераллари, афсонавий Самед-бек Мехмандаров ва Али-Оға Шихлинский ҳам ўрин олди. Уларга миллий армияни шакллантириш ва ОДР мустақиллигини ҳимоя қилиш вазифалари юклатилди.

1918 йилнинг 4 июнида Туркия ва Озарбайжон Демократик Республикаси ўртасида тинчлик ва дўстлик тўғрисидаги шартнома имзоланади. Шу йилнинг 27 июнида эса озарбайжон тили ОДРнинг давлат тили деб эълон қилинди.

1918 йилнинг 12 июнида большевикларнинг Боку кенгашига қарашли қуролли кучлари Ганжага ҳужум бошлади. Озарбайжон ҳукумати ҳарбий ёрдам сўраб Туркияга мурожаат қилишга мажбур бўлди. Бирлашган турк-озарбайжон қўшинлари Гейчай остонасида қизиллар армиясини тор-мор этади. 1918 йилнинг 15 сентябрида турк-озарбайжон армияси Бокуга киради. Шаҳар ОДРнинг пойтахти деб эълон қилинади.

1918 йилнинг 7 декабрида дастлаб 97 аъзодан иборат Озарбайжон Республикаси парламенти иш бошлади. А. Топчибашев парламент раиси, Г. Ағаев унинг ўринбосари этиб тайинланди. 1920 йилнинг 11 январида биринчи жаҳон урушининг ғолиблари бўлган Иттифоқчи давлатларнинг Олий Кенгаши бир овоздан Озарбайжон мустақиллигини де-факто тан олиш тўғрисидаги қарорни қабул қилди.

Бироқ ёш Озарбайжон Республикаси осмони узра қора булутлар йиғила бошлади. Стратегик муҳим жўғрофий ҳолати ва унинг улкан нефт заҳиралари Совет Россиясининг Кавказдаги йўналишининг асосий нишонига айланди. 1920 йил апрелининг ўрталарида Қизил Армия бўлинмалари Деникин қўшинларининг қолдиқларини тор-мор этиб Озарбайжоннинг шимолий чегараларига кириб келди, апрел охирларида Озарбайжон босқинини бошлаб 28 апрелда Бокуга кириб келди.

23 ой яшаганига қарамай, ОДР бутун дунёдаги демократик Озарбайжон зиёлилилари учун катта мактаб вазифасини ўтади. СССР парчалангач, 1991 йилда Озарбайжон ўз мустақиллигини тиклади, ўзини ОДРнинг меросхўри деб эълон қилди, Демократик Озарбайжоннинг рамзлари – байроқ, герб ва гимнни тиклади. 1918 йил 28 майда эълон қилинган Мустақиллик декларацияси қуйидаги асосий пунктлардан иборат бўлган:

  1. Бундан буён Озарбайжон халқи северен ҳуқуқлари эгаси, Озарбайжон эса Шарқий ва Жанубий Кавказортини қамраб олувчи тўлақонли мустақил давлат ҳисобланади.
  2. Мустақил Озарбайжоннинг сиёсий қурилмаси шакли сифатида Демократик Республика ўрнатилади.
  3. Озарбайжон Демократик Республикаси халқаро ҳамжамиятнинг барча аъзолари билан, айниқса, қўшни халқлар ва давлатлар билан яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатишга интилади.
  4. Озарбайжон Демократик Республикаси ўз ҳудудида миллати, диний эътиқоди, ижтимоий аҳволи ва жинсидан қатъий назар, барча фуқароларнинг фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларини кафолатлайди.
  5. Озарбайжон Демократик Республикаси унинг ҳудудида истиқомат қилаётган барча халқларга эркин ривожланиши учун кенг имконият тақдим этади.

Мазкур пунктлар ҳанузгача Озарбайжон давлат қурилишининг асосини ташкил этади, шунинг учун ҳам Республика куни мамлакатдаги муҳим байрамлардан саналади. Мазкур сана 1992 йилдан бери расман нишонланади ва дам олиш куни ҳисобланади.

1918 йилда ташкил этилган Озарбайжон Демократик Республикаси озар халқининг миллий ғурури, мамлакат тарихидаги ёрқин саҳифадир. 1991 йилдан кейинги ривожланиш даври ҳам Озарбайжон халқи ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида эришган улкан ютуқлари билан тарихга киради.

Демократик Республиканинг ташкил этилиши ва фаолияти биринчи бор дунёга Озарбайжон алоҳида давлат сифатида яшаши, халқнинг эзгу орзу-умидларини ҳаётга татбиқ этиш мумкинлигини исботлади.

Абдували Сайбназаров

1 изоҳ

  1. Yaxshi maqola, qardoshlar tarixi b.n qiziqish kerak. Azarbayjonlar yaxshi xalq, biroq tarixda Eronni foydasi u.n kurashib katta zarar körgan, özbeklarga ham raqib bölgan. Hozir esa juda kichik davlatga aylangan. Eronda shinniylikni davlat dini qilgan ham shular edi. Oqibatda, diniy jihatdan öz qardoshlaridan ajralgan Safaviylar asli Sunniy bölgan Özbeklar va Usmonlilarga umumiy dushman böldi. Diniy siyosat bobida uzoqni körolmaslik va ayrilganlik, oxir oqibatda qachonlardir million km kvadrat yerga hukmron Azar xalqi endi xaritada Azarbayjonni faqat raqam b.n yoziladigan mikrodavlat sifatida körishga mahkum. Achinarli tarix.

МУНОСАБАТ БИЛДИРИШ:

Изоҳингизни қолдиринг!
Исмингизни киритинг